19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди парламент қуйи палатаси матбуот хизмати.

Унда, жумладан, янги таҳрирдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. «Депутатлар 5−6 май кунлари бўлиб ўтган палата мажлисида қонун лойиҳасини моддама-модда, бобма-боб муҳокама қилган эдилар. Муҳокама давомида бир неча моддалар юзасидан бир фикрга келинмаганлиги сабабли улар устида ишларни давом эттириш ҳамда келгуси мажлисда ана шу моддалар атрофида тўхталиб ўтишга келишган эди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари маромига етказилиб, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига киритилган 7 та моддадан бутунлай воз кечилиб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи 9 та янги модда киритилди.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳадан идоравий руҳдаги бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш оқибатида 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилгани маълум қилинади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. «Бу эса, ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади», дея тушунтирилади хабарда.

Шунингдек, лойиҳада амалдаги қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидалар киритилмоқда. Эндиликда, қонун билан мамлакатда «ёшидан қатъи назар, катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари» ҳам мустаҳкамланяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ кафолатлари тўғрисидаги қонунни маъқуллагани ҳақида хабар берилганди.