18 май куни Халқаро валюта жамғармаси Директорлар кенгаши Ўзбекистонга коронавирус пандемиясининг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирларини юмшатиш мақсадида 375 млн доллар эквивалентидаги имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши маъқуллади. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Имтиёзли кредитлар ўз ичига 10 йиллик муддат билан (5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) 125 млн долларга тенг фоизсиз тезкор кредитлаш линияси (Rapid Credit Facility) ва 5 йиллик муддат билан (3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда) фоиз ставкаси йиллик 1,05 фоизга тенг бўлган 250 млн доллар миқдоридаги тезкор молиялаштириш инструментини (Rapid Financing Instrument) олади.

Мазкур маблағлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши кураш жамғармасига коронавирус пандемияси ва глобал инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини молияштириш учун йўналтирилади.

«Анъанага кўра, ХВЖ қарзларни тақдим этиш жараёнида давлат қарзига хизмат кўрсатиш хатарларини ҳамда мамлакатдаги макроиқтисодий ҳолатни таҳлил қилади. ХВЖ томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича юқори салоҳиятни сақлаб қолмоқда», — дейилади хабарда.

ХВЖнинг мақроиқтисодий ҳолат бўйича прогнозлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • иқтисодий ўсишнинг 1,5% гача пасайиши;
  • фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 4,1% гача ошиши, шу жумладан соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган ҳаражатларнинг, ижтимоий кўмак учун тўловлар ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа харажатлар ошган даврда солиқ имтиёзларининг тақдим этилиши;
  • экспорт тушумларининг ҳамда халқаро пул ўтказмаларининг миқдори сезиларли даражада қисқариши оқибатида тўлов балансининг жорий оператсиялари бўйича тақчиллигининг ЯИМга нисбатан 10% гача ошиши.

Мазкур қарз маблағларидан фойдаланиш жараёнида шаффофликни таъмаинлаш мақсадида амалга оширилган ҳаражатлар устидан Ўзбекистон Ҳисоб палатаси томонидан мустақил аудит амалга оширилади ҳамда аудит натижалари молия йили якунидан сўнг 6 ой мобайнида эълон қилиб борилади.