Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши тайин. Шу сабабли қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарур. Йиғилишда бу борадаги қўшимча чора-тадбирлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Аввало, тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

«Барча ҳокимларни огоҳлантираман. Бирорта тадбиркорнинг мулки ноқонуний олиб қўйилса, ҳоким фақат ишдан кетиш билан қутулмайди, балки қонун олдида жавоб беради», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мутасадди идораларга мулк дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкни компенсация қилиш бўйича тадбиркорлар фойдасига чиқарилган суд қарорлари ижросини тўлиқ таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент топшириғига кўра, тадбиркорлик муҳити ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ойма-ой таҳлил ва хулоса қилиб борилади. Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқи ва мулк дахлсизлигини бузган туман ва шаҳар ҳокимлари тўғрисида ҳукуматга маълумот киритиб боради.

Вазирлар Маҳкамаси тадбиркорлар муаммосини ҳал қилмаган, улар билан етарли даражада ишламаган шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.

Йиғилишда тадбиркорлар билан ишлашда сусткашликка йўл қўйган айрим туман ва шаҳар ҳокимларини вазифасидан озод қилиш бўйича кўрсатма берилди.