Ҳамроев Мирали Муҳаммаджонович Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Мирали Ҳамроев (1983 йилда туғилган) Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (2004), Ўзбекистон Банк-молия академиясини (2007) тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — менежмент, молия.

Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Бухоро шаҳар ҳокимлиги молия бўлими ҳисобхонаси 2-тоифали ҳисобчи-тафтишчиси сифатида бошлаб, Бухоро шаҳар ҳокимлиги молия бўлими бюджет инспекцияси 1-тоифали иқтисодчиси (2003−2005), Бухоро шаҳар ҳокимлиги молия бўлими бошқарув органларини молиялаштириш сектори мудири (2005−2006), Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси тингловчиси (2006−2007), Когон тумани ҳокимлиги молия бўлими мудири ўринбосари — халқ таълими муассасаларини молиялаштириш бўлими бошлиғи (2007−2009), Когон шаҳар ҳокимлиги молия бўлими мудири (2009−2012), Бухоро вилояти ҳокимлиги иқтисодиёт бош бошқармаси ижтимоий соҳа ва туризмни ривожлантириш бўлими бошлиғи (2012), Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ягона буюртмачи хизмати-инжиниринг компанияси директорининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари (2012−2013), «Eriell GmbH» Австрия, Вена компаниясининг нефть ва газ корхоналарини қуриш департаменти катта ҳисобчиси (2013−2017), Когон шаҳар ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари (2017−2018) лавозимларида ишлаган.

2018 йилдан шу вақтгача Бухоро вилояти Бандлик бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.