Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилишида ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилиниши айтилди.

Пандемия туфайли камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошиши, оилалар даромади камайиши боис қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш учун кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш зарурлиги айтилган.

Йиғилишда тадбиркорлар ҳуқуқлари кафолатлари ва мулк дахлсизлигини таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

Ўзини ўзи банд қилаётган, қўлида касб-ҳунари бор одамларга муносиб шароит яратиш мақсадида янги тизим жорий этилиши белгиланди. Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади. Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Илғор хорижий тажриба асосида бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобил илова ишлаб чиқилади.