Сешанба куни Марказий Осиёнинг беш давлати — Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлари илк бор онлайн йиғилиш ўтказди. У БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда ўзбек томони ташаббуси билан ўтказилди.

ФАОнинг хабар беришича, йиғилишдан кўзланган мақсад COVID-19 коронавирус инфекцияси пандемияси вақтида озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат эди.

Вазирларга ФАО, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Евроосиё тараққиёт банки, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ва Жаҳон банки экспертлари ҳам қўшилди.

ФАОнинг яқинда чоп этилган бюллетенида Европа ва Марказий Осиёда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан буғдой етказиб бериш дунёнинг қолган қисмида бўлгани каби барқарор экани қайд этилган. Бироқ COVID-19 пандемияси оқибатларини юмшатиш бўйича кўрилган чоралар натижасида логистика соҳасида узилишлар юзага келди, натижада айрим давлатларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тақсимланишида қийинчиликлар пайдо бўлди.

Вазирлар ҳозирги вазият оқибатларини енгиб ўтиш бўйича сиёсат, ҳаракатлар ва режаларни ишлаб чиқиш тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар озиқ-овқат таъминоти ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш занжирларида узилишларга йўл қўймасликка қаратилган миллий ташаббуслар ва чора-тадбирларни ҳам муҳокама қилдилар.

Келгусида пандемиянинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалиги учун таъсирини юмшатиш мақсадида самарали ва ўз вақтида ҳамкорлик олиб бориш учун шу каби ахборот алмашинувларини йўлга қўйиш режалаштирилди.