Бош прокурату Самарқанд вилоятида 34 кишига коронавирус инфекцияси юқишига сабабчи бўлган шифокорга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини бекор қилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Аввалроқ вилоятнинг Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасида бўлим мудири бўлиб ишлайдиган Х.Д. ўзида касаллик аломатлари бўлиши қарамасдан ўзини-ўзи даволаб юргани, бу бўйича тегишли муассасаларга мурожаат қилмагани хабар қилинган эди. Оқибатда Х.Д. у билан доимий мулоқотда бўлган турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари, ўзи даволаган бемор ва ҳамкасбларидан 11 нафарига, улар орқали яна 23 нафар шахсга COVID-19 инфекцияси юқишига сабабчи бўлган.

12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257−1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни асоссиз, деб ҳисоблаб, ўз норозилигини билдирди. Вазир Алишер Шодмонов Бош прокурорга шифокорга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласининг кўриб чиқилишини сўраб мурожаат йўллади.

Душанба куни ушбу мурожаат юзасидан Бош прокуратура томонидан жавоб хати келди, деямаълум қилди ССВ, Унда қайд этилишича, Бош прокуратура мазкур жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш жараёнида Х.Д.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар бўйича олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, синчковлик билан ўтказилмасдан, барча ҳолатлар тўлиқ текширилмасдан, шошма-шошарлик билан барвақт жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинганлигини аниқлаган.

Шунга кўра, Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Х.Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура томидан бекор қилинган.

«Мурожаат Бош прокуратура томонидан чуқур ўрганилиб, тезкорлик билан ижобий ҳал қилинганлиги шифокорларимизни қувонтириши, ўз касбига нисбатан яна-да масъулият билан ёндашиб, фаолият юритишларига замин яратиши шубҳасиз», дейилади ССВ хабарида.