«Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Саховат ва кўмак» жамғармаси хайрия маблағларини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилди, дея хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.

Оққўрғон тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари М.А. ва туман «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳисобчиси Б.Н. тумандаги эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб тушган маблағларни турли йўллар билан нақдлаштириб, жами 109,2 млн сўм пулларни ўзлаштиришган.

Шу билан бирга, 2020 йилда «Саховат ва кўмак» жамғармасига келиб тушган маблағлардан 44 млн сўмни мақсадсиз сарфлаб, растрата йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан ЖКнинг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.