Афғонистон сиёсий етакчиларининг келишуви мамлакатда сиёсий музокараларга ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликка йўл очади, дея Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.

Аввалроқ хабар берилганидек, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва унинг сиёсий рақиби Абдуллоҳ Абдуллоҳ бир неча ой давом этган сиёсий келишмовчиликдан кейин ҳокимиятни тақсимлаш тўғрисидаги битимни имзоладилар. Унга кўра, Афғонистонда сиёсий ҳокимиятни Ашраф Ғани ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўртасида тенг равишда (50/50) тақсимлаш кўзда тутилган. Хусусан, Ашраф Ғани президент мақомини сақлаб қолади ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ эса Афғонистон Олий миллий ярашув кенгаши раиси бўлади. Улар Вазирлар маҳкамаси таркибини танлашда ҳам тенг ҳуқуққа эга бўлишади.

«Ўзбекистон Афғонистоннинг сиёсий етакчилари томонидан инклюзив ҳукумат ва Миллий ярашув бўйича Олий кенгашни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга эришилганини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, умид қиламизки, ушбу муҳим қарорлар қўшни Афғонистонда сиёсий музокараларга ҳамда мустаҳкам ва узоқ муддатли тинчликка йўл очади», дейилади Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотида.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Афғонистон халқи билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда, афғонлараро сиёсий жараённи ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда ҳамда тинч ва фаровон Афғонистонни барпо этиш учун ҳар жиҳатдан ёрдам беришда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу сиёсий инқироз Афғонистонда 2019 йили ўтказилган баҳсли президент сайловлари оқибатида пайдо бўлган эди. Сайловларнинг натижаси феврал ойида эълон қилиниб, унда Ашраф Ғани қичиқ фарқ билан ғолиб чиққан эди. Сайловдаги мағлубиятини тан олмаган бош вазир Абдуллоҳ Абдуллоҳ давлат раҳбари сифатида шу куни ўзида президентлик инаугурация маросимини ўтказган. Икки кундан сўнг Ашраф Ғани Абдуллоҳ Абдуллоҳ эгаллаб турган ижроия ҳокимияти раҳбари лавозимини бекор қилган ва шу вақтдан бери Афғонистон сиёсий ноаниқликда эди.