18 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2762 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, қайд этилган 9 нафар янги касалланиш ҳолатларининг 3 нафари хориждан келган фуқароларда (улардан 2 нафари чартер рейси орқали БААдан олиб келинган ва 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлиб, Россиядан Қозоғистон орқали келган) ҳамда 6 нафар (барчаси Навоий вилоятидан) олдиндан карантинда бўлган фуқаролар орасидан аниқланган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 494 киши даволанмоқда.

Айни пайтда 49 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 16 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, қолган 33 минг нафари уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган.

Шунингдек, Республикадаги мавжуд вирусологик лабораторияларда 502 мингтадан ортиқ тест синовлари ўтказилди. Кечаги куннинг ўзида 14,5 мингдан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилди, деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2247 кишини ташкил этмоқда. Ўн икки киши ҳаётдан кўз юмган.