Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида қурбон бўлган фуқаролар сони 6 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда шанба куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг Сардобадаги фалокатга бағишланган сессиясида ФВВ ташкилий-таҳлил бошқармаси бошлиғи Комилжон Арипов маълум қилди.

Ҳалок бўлганларнинг 2 нафари аёл, 4 нафари эркаклардир. Шунингдек, бир киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқинида 4 кишининг вафот этгани, 1 кишининг бедарак йўқолганини маълум қилган эди.

Жумладан, аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида Миллий гвардиянинг 3 нафар ходимини кучли сув оқими олиб кетган. Улар бири — Санжар Ибрагимов ҳодиса жойидан 15 км узоқликда соғ ҳолда топилган бўлса, Хусниддин Суяровнинг жасади топилган. Миллий гвардия оддий аскари Хазрат Суюнов бедарак йўқолган.