Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов «Газета.uz»га 1 май куни Сардоба сув омборида тўғони ўпирилиши оқибатида Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громовга сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилганини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, талафот содир бўлган биринчи лаҳзаларида Қозоғистон томонидан сўров келганида, дастлабки баҳолашларга асосланиб, сув омборида сув зудлик билан ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб жавоб берилган.

«Бу дастлабки маълумот бўлган, албатта. Ҳар қандай офат бошланишида унинг кўламини аниқлаш бениҳоят қийин нарса. Биринчидан, сув босгандан кейин ушбу ерга боришнинг ўзига имкониятингиз бўлмайди ёки атрофлича ўрганиш имконияти бўлмайди ёки ўша шароитда тўла баҳолаш имконияти бўлмайди. Дастлабки баҳолашларда ҳеч ким кутмаган эди сув омборидан катта миқдорда сув чиқиб кетишини. Шунга асосланиб [Қозоғистон томонига] ҳақиқатдан ҳам бу сув омборида тезроқ сув ёпилади ва сув хавфсиз йўналтирилади, деб айтилган. Лекин, афсуски, ҳеч қандай техноген аварияни олдиндан башорат қилиш қийин. Бунинг талафотини, бунинг кўламини зудлик билан айта олиш жуда қийин. Биринчи он, биринчи лаҳзаларида, улар [Қозоғистон] томонидан сўров бўлганида, ҳақиқатдан ҳам шунақа жавоб бўлган. Барча чоралар кўриляпти Сизларга сув етиб бормаслиги учун ёки талафот етказмаслик учун, деган хабарлар бўлган», — дея Воҳиджон Аҳмаджонов «Газета.uz» мухбирининг саволига жавоб берди.

Шунингдек, Сардобадаги тошқин сувлари Арнасой кўлига йўналтириш чораси ўз самарасини бермадими, деган саволга Воҳиджон Аҳмаджонов сув тошқини мавжуд Жанубий Мирзачўл магистрал зовурига (коллектор) йўналтирилишида ушбу каналнинг ўтказиш қобилияти етмаганлигини таъкидлаб ўтган.

«Бу атрофда сув чиқариб юборадиган асосий артерия, бу — Жанубий Мирзачўл магистрал зовури (коллектор). Шу орқали сув чиқиб кетади. Умуман, рельеф шунақа тузилганки, энг пастлик жойига ўша коллектор қурилган. Барча сув шу йўналишдан чиқиб кетади. Лекин ҳар бир каналнинг ўз ўтказиш қобилияти бўлади. Ўша канал 120 метр кубли. Шу куни [1 май куни] 300 кубагача сув ўтган. Демак, ўзига нисбатан 2−3 баравар [кўп]», — деди вазир ўринбосари.

Шу билан бирга, Воҳиджон Аҳмаджонов Ўзбекистон томони Қозоғистонга минимал даражада зарар етказиш бўйича барча чораларни кўрганини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди. Сув тошқини натижасида Ўзбекистон билан чегарада жойлашган Мактаарал туманининг 5 қишлоғида 845 та уй ҳамда 7639 гектар пахта майдонлари сув остида қолган.

Шу ўринда, 5 май куни Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири ўринбосари Сергей Громов Atameken Business нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон томони Қозоғистонга «бир томчи сув ҳам ўтмайди» дея ишонтиргани ҳақида маълум қилганди.

«1 май куни мен [Ўзбекистон] сув хўжалиги вазирининг ўринбосари билан суҳбатлашдим. У вазирнинг топшириғига биноан „тўғон ўпирилди, аммо ташвишланманг, қозоқ томонига бир томчи сув ўтмайди“ деди. Ўзбекистон томони бизни тинчлантираётганига қарамай, биз фавқулодда вазиятлар чораларини кўрдик. Дастлаб, Ўзбекистон томони у ердан [Сардоба сув омборидан] 300 миллион кубометр сув тошганини маълум қилди. Кеча [3 май] Ўзбекистон томонининг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзлари, эҳтимол, тасодифан, тахминан 500 миллион кубометр сув ташланганини аниқладилар (умумий ҳажми — 922 миллион кубометр). Ҳозир ушбу сув омборидан оқим тўхтади, аммо сув тўлқини давом этмоқда», дея таъкидлаган эди Сергей Громов.