Сирдарёд вилоятида сув тошқинига сабаб бўлган Сардоба сув омборининг тўғони тупроқли-тошли бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири ўринбосари Воҳиджон Аҳмаджонов шанба куни Халқаро пресс-клубнинг Сардобадаги фалокатга бағишланган сессиясида маълум қилди.

У тўғонни қуришга бетон ва арматура ишлатилмагани тўғрисидаги саволга қуйидагича жавоб берди:

«Тўғон дамбаси унинг лойиҳавий конструкциясидан келиб чиққан ҳолда тупроқли ва тошли бўлган. Тўғоннинг сув чиқарадиган жойи эса бетондан ва арматурадан бўлган».

Шунингдек, вазир ўринбосари бундай сув омборлари жуда кўплигини ва бунда тупроқнинг турига қаралиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

«Бу жойнинг [Сардоба тўғонининг ҳудуди] рельефи ва шароитига қараб қилинади. Сирдарё, Жиззахга ўхшаган ҳудудларда нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам худди шу каби тупроқли тўғонлар қуриб фойдаланилади», — деди Воҳиджон Аҳмаджонов.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни эрталаб Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиш содир бўлди. Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги 22 та қишлоқдан 60 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди.

Шунингдек, «Газета.uz» очиқ маълумотлар ва ахборот манбалари асосланиб «Ўзбекистон темир йўллари» қошидаги «Ўзтемирйўлқурилишмонтаж» корхонаси Сардоба сув омбори қурилишида бош пудратчи бўлганини ҳамда гидроиншоот қиймати 1,3 трлн сўмни (404 млн доллар) ташкил этганини аниқлаган эди.