16 май соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2691 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 1 нафари хориждан келган фуқарода аниқланган. У халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси бўлиб, шу йил 14 май куни Россиядан келган. Шунингдек, касаллик 4 нафар олдиндан карантинда бўлган навоийлик фуқарода аниқланган.

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков сўзларига кўра, ҳозирда Республика бўйлаб коронавирус инфекциясидан 522 киши даволанмоқда, 8 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда.

Айни пайтда 48 мингдан ортиқ фуқаро карантин муддатларини ўтаяпти. Уларнинг 16 мингдан ортиқроғи стационар шароитида, қолган 32 минг нафари уй шароитида карантин тадбирлари билан қамраб олинган.

Шунингдек, Республикадаги мавжуд вирусологик лабораторияларда 474 мингтадан ортиқ тест синовлари ўтказилди. Кечаги куннинг ўзида 15 мингдан кўпроқ вирусологик текширишлар ўтказилди, деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони ҳозирда 2158 кишини ташкил этмоқда. Ўн бир киши ҳаётдан кўз юмган.