Тожикистонда охирги бир кунда 106 та янги коронавирус инфекцияси ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда маҳаллий «Авеста» ахборот агентлиги мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар қилди.

Қайд этилишича, 14 май ҳолатида қўшни республикада касалланганлар сони 907 кишига етди. Мамлакатда коронавирус инфекцияси илк бор тасдиқланган 30 апрелдан шу вақтга қадар мазкур инфекциядан вафот этганлар сони 29 нафарга етган.

14 май ҳолатида тиббиёт муассасаларида 4299 киши шифокорлар назорати остида бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу касалликка чалинган беморларни даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ ўзбекистонлик тиббиёт мутахассислари 8 май куни Тожикистонга жўнаб кетган эди. Ушбу гуруҳдан анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира ўрин олган.

Шунингдек, Ўзбекистон Тожикистонга коронавирус пандемияси даврида беморларга ёрдам кўрсатиш учун Damas негизидаги тез ёрдам автомобиллари партиясини тақдим этди. Ҳар бир транспорт воситаси тиббий ходимлар учун қўшимча шахсий ҳимоя воситалари билан жиҳозланган бўлиб, кейинчалик тиббий муассасалар орасида тарқатилади.