Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва блогерлар давлат тилида иш юритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакилининг фикрларига муносабат билдиришди.

14 май куни бўлиб ўтган брифингда Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш бўйича қонун лойиҳасига муносабат билдирди.

«Биз ОАВда музокараларга сабаб бўлган ушбу қонун лойиҳасига эътибор бердик. Бизга унинг [қонун лойиҳасининг] тарафдорлари ҳозирча камчиликни ташкил этмоқда. Кўплаб изоҳлар рус тилини расмий доираларда тўлалигича сақлаб қолиш бўйича билдирилмоқда. Бу тарих руҳиятига, ҳозирги иккитомонлама муносабатлар сифатига, асосийси, Россияда ишлаш ва ўқиш қарорини қабул қиладиган Ўзбекистон фуқароларининг манфаатларига тўғри келади», — дея таъкидлаган Мария Захарова.

Шундан сўнг Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхонов унинг фикрларига муносабатини билдирган.

«Суверен давлат ҳудудида тил масаласи тартибга солиниши унинг ички сиёсати масалаларига киради», — деди депутат. — «Рус тили бўйича Россия билан ҳамкорликда дастурларнинг амалга оширилиши, бу — юртимизда бошқа миллат вакилларига бўлган ҳурматимиз даражасини билдиради. Лекин Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили ҳисобланади ва давлат органларида иш давлат тилида юритилиши қонуннинг талабидир».

Акмал Бурхонов Захарова қайси асосга кўра қонун лойиҳасининг тарафдорлари камчиликни ташкил қилиши ва расмий иш юритувида рус тили тўлиқ сақланиб қолган, деган хулосага келган, деган саволни ўртага ташлади.

«Давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги алоқаларимиз динамикасига ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги керак. Россия расмий вакили бу масаланинг Ўзбекистон фуқаролари манфаатларига зид ёки зид эмаслиги бўйича фикр билдиришга ҳақлими?», — дея фикрини якунлайди депутат.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ҳам ўз Telegram каналида Россия ТИВ расмий вакилининг фикрларига қарши ўз муносабатини қолдирди.

«Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили. Бироқ шунга қарамай, таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилади, шу жумладан рус тилида. Камида 11 тилда газета ва журналлар чоп этилади. Мамлакатда ўзбек тили давлат тили сифатида қонуний ҳисоблангани учун расмий ишда унга риоя этишда масъулиятни ошириш суверен Ўзбекистоннинг мустақил иши. Ҳеч бўлмаса расмий идорада давлат тилида иш юритилмаса давлат тилининг мақоми қоладими», — дея таъкидлади депутат.

«Ўзбекистон расмий давлат тилига эга суверен мамлакат. Қолганлар ҳам шу суверенликни ҳурмат қилиши шарт», — деди Расул Кушербаев.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ҳам Захарова «қонун лойиҳаси тарафдорлари яққол камчиликни ташкил этишини қаердан билганлигини» сўрамоқда.

Блогер Муҳрим эса ушбу вазият юзасидан фикр билдирар экан, «Ўзбекистон ва Россия муносабатларининг замонавий сифати умуман тил масаласи билан ўлчанмаслиги лозим», — деди.

Видео

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамаси учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жойлаштирган эди.

Лойиҳада давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси иккинчи қисм билан тўлдирилиши режалаштирилган эди.

Яъни ушбу моддага: «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган тўлдириш киритилмоқда.

Кейинроқ ижтимоий тармоқларда катта мунозараларга сабаб бўлган ушбу масала юзасидан Адлия вазирлиги изоҳ берди.

Адлия вазирлиги лойиҳада қандайдир талаблар кенгайтирилиб, тилдан фойдаланишда янги чекловлар киритилмаётгани, фақатгина амалдаги қонуннинг қоида ва талаблари ҳисобга олинганини таъкидлаган.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаси давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини қамраб олиб, қонун қабул қилинган тақдирда тегишли равишда маъмурий жавобгарлик фақатгина мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси мансабдор шахсларнинг қонун талабларига риоя этиши бўйича масъулиятини ошириш, давлат органлари ва ташкилотлари ишида давлат тилидан тўлақонли фойдаланилишини таъминлашга қаратилган.

Янада аниқроғи, вазирликнинг маълум қилишича, қонун лойиҳаси ҳеч қандай йўл билан республика ҳудудида истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг она тилидан фойдаланиш, миллатлараро мулоқот ва таълим олиш тилини ўз хоҳишига қараб танлаш, ўз тилида давлат органлари ва ташкилотларига мурожаат қилишга доир конституциявий ҳуқуқларини поймол қилмайди.

Адлия вазирлиги ОАВ, блогерлар шунингдек бошқа манфаатдор шахсларни лойиҳани ўзларича талқин қилиб, жамоатчилик фикрини нотўғри ўзанга буришга ҳаракат қилмасликларини, Ўзбекистон жамоатчилиги олдидаги жавобгарликни унутмасликка даъват этди.