Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилоятида ўзида касаллик аломатлари бўлишига қарамасдан тиббий текширувдан ўтмаган ҳолда 34 кишига коронавирус юқтирган шифокорга жиноят иши очилганига қарши муносабат билдирди.

Вазирликнинг маълум қилишича, ушбу шифокорнинг Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасининг бўлим мудири бўлиб ишлаганига аниқлик киритар экан, унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини бир қатор асосларга кўра бекор қилиш лозимлигини кўрсатиб ўтди.

«Биринчидан, Жиноят кодексининг 257−1-моддаси биринчи қисми диспозициясидаги қасддан содир этилиши талаб этиладиган қилмишлардан бирортаси фуқаро Х.Д. томонидан содир этилмаган, — дейди вазирлик юридик бўлими бошлиғи Руслан Муҳаммадиев».

Ҳуқуқшуноснинг таъкидлашича, Жиноят кодексининг юқоридаги моддаси билан жавобгарликка тортиш учун махсус субъект бўлиш талаб этилмайди. Аниқроғи, бу модда билан фақатгина тиббиёт ходимлари жавобгар қилиниши мумкинлиги ҳам қонунда кўрсатилмаган.

Вазирлик тана ҳарорати ошганлигини била туриб, шифокорга мурожаат этмасдан ўзгага инфекция юқтирганлик учун жавобгарликка тортиш мумкин бўлса, нега унда юзлаб ҳолатларда қонуннинг бундай кучидан фойдаланилмади, деган саволни ўртага ташлади.

«Нимага айнан тиббиёт ходимига келганда қонунни бундай талқин қилиш мумкинлиги эсимизга тушиб қолди? Масалан, яқинда самарқандлик жуда катта тадбиркорнинг фарзанди кўпчиликка худди шундай шароитда коронавирус юқтирганлиги ҳақида интернетда маълумотлар тарқалган эди. Нима учун ушбу ҳолатда қонуннинг шу меъёридан фойдаланилмади?» — деб сўради ҳуқуқшунос.

Унинг таъкидича, миллий қонунчиликда тана ҳарорати ошган фуқаро, ҳоҳ у тиббиёт ходими бўлсин, ҳоҳ бошқа, коронавирусга анализ топширмаса жиноий жавобгарликка тортилади, деган мажбурият ҳали ўрнатилгани йўқ.

Юқоридаги ҳолатда тиббиёт ходими ҳисобланган Х.Д. коронавирус инфекциясини жуда катта эҳтимол билан беморларга хизмат кўрсатиш жараёнида юқтириб олган. У коронавирус юқтириб олганини жорий йил 28 апрель куни топширган тести натижалари аниқ бўлганидан кейингина билган ва дарҳол даволаниш учун ётқизилган. «Бунгача у ушбу инфекцияни юқтириб олганлигини билмаган ва билиши мумкин ҳам бўлмаган. Қолаверса, 34 нафар фуқарога коронавирус айнан тиббиёт ходимидан юққанми ёки бошқаданлигини ҳали дастлабки тергов жараёнида исботлаш керак бўлади», — дейилади баёнотда.

Х.Д.нинг ўз соғлигига нисбатан бепарво бўлиб, кимларнидир хавф остида қолдирганлигини оқламоқчи эмаслигини билдирган вазирлик мазкур ҳолатда Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарор асоссиз, деб ҳисоблашини маълум қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бош прокурорга Х.Д.га нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш масаласини ўз ваколати доирасида кўриб чиқилишини сўраб, жорий йил 14 май куни мурожаат йўллади.

Эслатиб ўтамиз, 12 май куни Х.Д.га нисбатан ЖКнинг 257−1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонун ҳужжатларни ёки эпидемияга қарши кураш қоидалари бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинган эди.