15 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифи чоғида Мирзаобод туманида бўлиб, фавқулодда ҳолатдан талофат кўрган жойларда амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Бу ҳақда президент администрациясининг матбуот хизмати маълум қилди.

Хабарга кўра, Мирзаобод туманнинг «Навбаҳор» маҳалласи ҳудудида 360 квартирали 9 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Янгиовул» маҳаллаларида жами 616 та коттеж таъмирланади. Ушбу ишларга Сирдарё, Жиззах, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятлари қурувчилари бириктирилган.

Мутасаддилар билан суҳбатда қурилиш-таъмирлаш ишларини сифатли бажариш кераклиги, маҳаллий, энергия тежамкор ва замонавий материаллардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди, дейилади хабарда.

Давлат раҳбари мирзаободлик нуронийлар, маҳалла фаоллари ва хонадон эгалари билан учрашди. Учрашув давомида, уй-жойлар ва инфратузилмани тиклаш, электр энергия, газ, ичимлик суви таъминоти ва йўлларни таъмирлаш бўйича зарур чоралар кўрилаётгани айтилди.


Шунингдек, аҳолини нафақат уй-жой билан таъминлаш, балки корхоналар ташкил этиб, иш ўринлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу мақсад билан қисқа вақтда қиймати 2 триллион 143 миллиард сўмлик 323 та катта-кичик лойиҳалар шакллантирилди. Уларни татбиқ этиш ҳисобига Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида жорий йилда 10 мингга яқин иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Жумладан, Мирзаобод туманида жами 1 триллион 12 миллиард сўмлик 143 та лойиҳа амалга оширилиб, 4,5 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилиши мўлжаллангани маълум қилинади.

Маълум қилинишича, Мирзаободлик жабрдийдаларга ҳам, Сардобада бўлгани каби, тегишли сертификат ва пул маблағли банк карточкалари тарқатилди ва давлат раҳбари бу ерда ҳам қурилиши режалаштирилган турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.


Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказган эди. Давлат раҳбари сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилишини ва таъмирланадиган ва янги қуриладиган уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилишини айтиб ўтганди.