Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Сардоба туманида маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Бу ҳақда президент администрациясининг матбуот хизмати маълум қилди.

Учрашувда, президент сув омборида юз берган техноген авария жуда катта синов бўлганини, ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, тошқин оқибатларини бартараф этишга барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинганини яна бир бор қайд этди.

«Бу ишларни ташкил этиш ва Сирдарё халқидан хабар олиш учун бугун тўртинчи марта сизларнинг олдингизга келдим. Ҳар соат, ҳар дақиқа бу ердаги ишлар ҳолатини суриштириб турибман, телефон орқали ҳисобот оляпман», — деди давлатимиз раҳбари.

Хабарга кўра, аҳолининг турмуш шароитларини тиклаш асосий вазифа экани, зарарланган уйларни таъмирлаш ҳамда янги турар жойлар қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилгани таъкидланди.

«Таъмирланадиган уйлар ҳам, янги қуриладиганлари ҳам давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади. Одамлар янги кўп қаватли уйларга ва ўзларининг таъмирланган ҳовли-жойларига 1 сентябргача тўлиқ кўчиб ўтиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, уйлари зарарланган одамларнинг илгариги ҳовлилари ҳам ўзларида қолади», — деди Президент.

Қайд этилишича, сув тошқинидан зарар кўрган 4,5 мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига Ўзбекистон президентидан 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, шунингдек, телевизор, музлатгич, кир ювиш машинаси, минипеч, электр чойнак ва дазмол каби маиший техникалардан иборат совғалар топширилмоқда.

Учрашувда таъкидланганидек, Алишер Усмонов ажратган 10 миллион доллар хайрия маблағи ҳам шу моддий ёрдамга йўналтирилган. Сирдарё вилоятига кўмак учун ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда тадбиркорлар ҳам ёрдам кўрсатган.

Шунингдек, учрашувда қатнашган сардобаликларга тегишли сертификат ва банк карточкалари тарқатилди.

Эслатиб ўтамиз аввалроқ, президент сув тошқинидан жабр кўрган ҳудудларда олиб борилаётган ишларни кўздан кечириш учун Сирдарё вилоятига келган эди.