Республика махсус комиссиясининг 14 майдаги қарори билан амалдаги карантин талаблари 1 июнга қадар узайтирилди. Бу ҳақда «Коронавирус инфо» расмий Телеграм каналида хабар қилинди.

Шу билан бирга 2020 йил 15 майдан бошлаб қуйидаги фаолият турларига ҳам рухсат берилмоқда:

«қизил» тоифадаги ҳудудларда:

  • якка тартибдаги ҳунармандчилик;
  • автомобилларга ва қишлоқ хўжалик машиналарига техник хизмат кўрсатиш;
  • электрон қурилмаларни (компьютер ва маиший техника воситалари) ва алоқа воситаларини таъмирлаш;
  • ижара ва лизинг хизматлари;
  • бухгалтерия соҳасига оид хизматлар (аудиторлик, солиқ маслаҳати ва бошқалар) кўрсатиш;

«сариқ» тоифадаги ҳудудларда «қизил» тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:

  • риэлторлик фаолияти;
  • реклама ва маркетинг фаолияти;
  • хусусий бандлик агентликлари фаолияти;
  • меҳмонхоналарга ўз ошхоналарида овқат пишириш ҳамда хоналарга етказиб бериш;
  • парк ва истироҳат боғлари (аттракционалар, кўнгилочар объектлар ҳамда тезкор овқат тайёрлаш нуқталари фаолияти бундан мустасно) фаолияти. Бунда парк ва истироҳат боғларига кириш карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда соат 09−00 дан 20−00 га қадар 2 нафар шахсдан кўп бўлмаган гуруҳларда (оилавий гуруҳлар бундан мустасно) амалга оширилади;

«яшил» тоифадаги ҳудудларда «сариқ» ва «қизил» тоифадаги ҳудудларга қўшимча равишда:

  • очиқ сунъий қопламали спорт ўйингохлари (ташриф буюрувчилар сонини чеклаш шарти билан, ечиниш ва ювиниш хоналаридан фойдаланмаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
  • компьютер (сканер, нусха кўчириш, матн териш, чоп этиш) ва полиграфия хизматлари;
  • музейлар фаолияти (ташриф буюрувчилар сонини чеклаган ҳамда оралиқ масофани сақлаган ҳолда);
  • ветеринария хизматлари;
  • биноларга хизмат кўрсатиш ва ландшафтни ободонлаштириш фаолияти.