Ўзбекистонда Россия-Қозоғистон чегарасидаги ўтказиш пунктида уйга қайтиш учун тўпланган ватандошлар билан боғлиқ вазият ўрганилмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Самара вилоятидан чиқиш ва Оренбург вилоятига киришда, «Маштаково» назорат-ўтказиш пункти яқинида бир неча юз нафар Ўзбекистон фуқароси тўпланиши кузатилмоқда. Ушбу фуқаролар Россиянинг турли минтақаларидан автотранспорт воситаларида келишмоқда ва Ўзбекистонга қайтиш учун Қозоғистон ҳудуди орқали йўлак яратишни талаб қилишмоқда.

«Бош консулхона юртдошларимиз ва маҳаллий ҳокимият билан алоқа ўрнатган. Бундан ташқари, ТИВ Оператив штаби Россия-Қозоғистон чегарасидаги мавжуд вазият тўғрисида маълумотни ҳар томонлама кўриб чиқиш учун Республика махсус комиссиясига юборди», — дейилади хабарда.

ТИВ юқоридагиларни инобатга олиб, фуқароларни Республика махсус комиссияси томонидан тегишли қарор қабул қилгунига қадар тинчликни сақлаш, ўрнатилган карантин қоидаларига риоя қилишга чақирди.

ТАСС маълумотларига кўра, ўзбек дипломатлари 13 май куни Оренбург вилоятига етиб келган ҳамда Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари билан вазиятни муҳокама қилмоқда.

«Фуқароларимизнинг автобусларда Оренбург вилоятида чегарани кесиб ўтиб, Қозоғистон орқали ватанга қайтиш ҳақидаги режаларидан хабардормиз, биз буни қилмасликка чақирдик, бироқ чақириқларимизга қулоқ солишмади. Натижада одамлар чегарада тўпланиб қолди, — деди элчихона вакили агентликка. — У жойда дипломатларимиз, элчихона ва Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари бор. Улар Россия ва Қозоғистон ҳукумати билан биргаликда ушбу муаммони ҳал этишга ҳаракат қилишмоқда».

«Интерфакс»нинг Оренбург вилоят соғлиқни сақлаш вазири Татьяна Савиновага таяниб хабар қилишича, бир қисм мигрантлар чодирли лагерга жойлаштирилган, бироқ уларни ватанга қайтариш масаласи ҳукумат томонидан кўриб чиқилаётгани йўқ. У қарор Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларига боғлиқ эканини таъкидлаб ўтди.

Ахборот агентлигининг қайд этишича, май ойининг биринчи кунларида коронавирус инфекцияси ва чегаралар ёпилиши натижида Оренбург вилоятида қолиб кетган 500 нафардан зиёд Қирғизистон фуқароси ватанларига жўнатилган. Бу Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро келишув асосида амалга оширилди.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси коронавирус пандемияси сабабли жорий этилган карантин чекловлари шароитида Россияда бўлиб турган 65 минг нафарга яқин фуқаро уйга қайтиш учун онлайн ариза топширгани тўғрисида маълум қилган эди.

«12 майда… онлайн рўйхатда (элчихонанинг Консуллик бўлими тузган) ватанга қайтиш истагидаги 55 минг киши мавжуд. Худди шундай рўйхат Россия ҳудудларидаги Ўзбекистон бош консулхоналари томонидан ҳам тузилмоқда, уларга 10 мингга яқин киши рўйхатга олинган. Фақатгина 11−12 май кунлари… 14 минг нафар ватандошларимиз элчихонага Ўзбекистонга қайтишда кўмак кўрсатишни сўраб мурожаат қилган», — дейилади элчихона мурожаатида.

Дипломатик миссия Ўзбекистон фуқароларини тезроқ ватанга қайтариш учун элчихонанинг бутун кучи сафарбар қилинган. Хабарда қайд этилишича, сўнгги кунларда Москвадаги элчихона ва консуллик бўлими яқинида ватандошлар йиғилишни бошлаган, бу эса касалланиш, жумладан коронавирус юқтириш хавфини оширмоқда. Дипломатик миссия Россиядан фуқароларни олиб чиқиш учун рўйхат фақатгина консуллик округи доирасида тузилишини қайд этиб ўтди.