Мирзо Улуғбек туман «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини (Улуғбек шаҳарчаси) ҳудудида коронавирус пандимияси билан касалланган ҳамда улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар сони кескин ошиб бораётганлиги сабабли мазкур маҳалла ҳудудида карантин қоидаларига амал қилиш кучайтирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маҳалла ҳудудидаги барча кириш ва чиқиш йўллари блок постлари ташкил этилган ҳолда тўлиқ ёпилди. Ушбу ҳудудда туну кун навбатчилик ташкил этилиб, қатъий назоратга олинди.

Фуқароларнинг карантин даврида уйдан чиқмаслиги, фақатгина зарур ҳолларда, яъни, бир оиладан бир кишига тиббий дори воситалари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ҳариди учун тиббий ниқоб ва шахсий гигиена ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда чиқишларига рухсат этилади, дейилади хабарда.

Маҳалла ҳудудида аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда арзонлаштирилган асосий турдаги озиқ-овқат махсулотлари ярмаркаси ташкил этилади.

11 майдан Ўзбекистон туман ва шаҳарларида «қизил», «сариқ» ва «яшил» карантин ҳудудлари амал қилишни бошлади. Тошкент «сариқ» ҳудуд деб белгиланди. Карантин даражаси санитария-эпидемиологик вазиятнинг ривожланишига қараб ўзгариши мумкин.