Германиянинг Коха институти мутахассислари Ўзбекистоннинг коронавирус тарқалишидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларга ажратиш стратегиясини тўғри деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Палата ва Германия институтининг 50 нафардан зиёд мутахассислари видеоконференция режимида коронавирус карантинидан чиқиш бўйича стратегияларни муҳокама қилишди.

«Карантиндан чиқиш карантинга киришдан кўра мураккаброқ. Ўзбекистон ҳудудларни COVID-19 юқувчанлиги даражасидан келиб чиқиб турли зоналарга ажратиб, жуда тўғри стратегияни танлади», — деди учрашув жараёнида институтнинг Халқаро соғлиқни сақлаш маркази (ZIG) раҳбари ўринбосари Андреас Янсен.

Германиялик мутахассиснинг фикрича, «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда касалланган ва улар билан алоқада бўлган шахсларни текшириш, «қизил» ҳудуд эса карантин чораларини кучайтириш тадбирларини ўтказиш жуда муҳим.

«Ҳудудларга ажратишни биз ҳам Европа давлатларида амалга оширмоқдамиз, бу Хитойда ҳам қўлланилди, жумладан Хубэй провинцияси ажратиб олиниб, бу ерда энг қатъий карантин чоралари жорий этилди», — дея қўшимча қилди Андреас Янсен.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 8 майдан буён вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар «қизил», «сариқ» ва «яшил» карантин ҳудудларига ажратилган эди.