Фарғонада Effect.uz интернет-нашри ходими ҳужумга учради. Бу ҳақда нашр мухбири таҳририятга юборган видео мурожаатида маълум қилган.

Хабарга кўра, 13 май куни соат 19:00 ларга яқин сайт ходими Ғиёсбек Эшов Фарғона вилоятининг Қува туманида жиддий ҳужумга учраган.

Нашр мухбири Элёр Тожибоевнинг маълум қилишича, ҳолат Қува тумани ҳокимлигида фуқаронинг мурожаати ўрганилгандан сўнг содир бўлган. Унинг айтишича, ҳокимият биносидан чиқилгач, мухбир мурожаатчи билан бирга йўлга чиқади. Улар билан бирга бўлган оператор Ғиёсбек Эшов ўз машинасида олдинлаб кетгандан бир оз вақт ўтиб, қўғироқ қилади ва унга йўлда ҳужум бўлганлигини айтади.

«Номаълум кимсалар операторнинг кўзларига газ сепиб, машинасининг ойналарини синдириб юборишган экан. Устига-устак, улар таҳририят мулки бўлган операторнинг видеокамерасини олиб қочиб кетишган. Аммо улар ўзига тегишли бўлган ҳужжатларини унутиб қолдиришган, биз ушбу кимсаларни ҳужжатлари орқали топишга эришдик ва айни вақтда Қува тумани тезкор ходимларига бўлган воқеа ҳақида айтиб бердик», — дейди Элёр Тожибоев.

Мухбирнинг айтишича, ҳозирда ушбу ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан керакли ёрдамлар берилмоқда.

«Операторимизни шифохонага олиб кетишди, унинг кўзлари ҳозирда яхши кўрмаяпти. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилмоқда. Бизга ҳужум қилган шахслар Қува туман ҳокимлиги томонидан ёлланган бўлиши ҳам мумкин», — дея таъкидлайди мухбир.

Вазият юзасидан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов расмий муносабат билдирган.

«Effect.uz сайтининг ходими Фарғона вилоятининг Қува туманида номаълум шахслар томонидан ҳужумга учрагани ҳолати юзасидан туман ИИБ ва прокуратураси билан ҳамкорликда терговолди текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган. Текшириш натижалари ҳақида қўшимча хабар берилади», — дейилади расмий баёнотда.

Видео







Посмотреть эту публикацию в Instagram









Тезкор: Фарғонада EFFECT.UZ ходими жиддий ҳужумга учради Бугун, 13 май куни соат 19:00 ларга яқин EFFECT.UZ сайти ходими Ғиёсбек Эшов Фарғона вилоятининг Қува туманида жиддий ҳужумга учради. Бу ҳақда EFFECT.UZ мухбири Элёр Тожибоев таҳририятга видео мурожаат орқали маълум қилди. Мухбирнинг айтишича, ҳолат Қува тумани ҳокимлигида фуқаронинг мурожаатини ўрганилгандан сўнг содир бўлган. #EFFECTUZ #Quva #Fargʻona

Публикация от Effect.uz (@effectuzb)