«Бекобод деҳқон бозори» назоратчисидан 1 000 доллар талаб қилган товламачи ушланди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов.

Тезкор тадбир Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментининг Бекобод шаҳар бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилди. «Бекобод деҳқон бозори» бош назоратчиси К.Т.га ўзини блогер деб таништирган фуқаро Ш. А. ундан 1 000 доллар талаб қилган. Акс ҳолда пандемия шароитида ОАВ ходимларига бозорда антисанитария ҳолатлари мавжудлиги ҳақида танқидий видеотасвирлар олдириб, ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитган. У талаб қилган пулнинг 700 долларини товламачилик йўли билан олган вақтида ушланган.

Шунингдек, фуқаро Ш. А. деҳқон бозорининг филиалида Давлат дастури асосида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлигидан хабар топиб, ушбу таъмирлаш ишларидаги камчиликларни ижтимоий тармоқларда танқидий тарзда кўрсатмаслик ҳамда ушбу объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бораётган фирмага ҳеч ким тазйиқ ўтказмаслиги эвазига 300 доллари талаб қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқаро Ш. А.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.