Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификациялаш ID-картаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида президент фармони лойиҳаси эълон қилинди. Лойиҳа муҳокамаси 26 майга қадар давом этади.

Фармон лойиҳасига кўра, ID-картага чип (маълумотларни сақловчи электрон қурилма) ўрнатилиши ҳам назарда тутилган. Унда ҳужжат эгасининг биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, қўл бармоқ изи ва электрон рақамли имзоси киритилади. Лойиҳада айтилишича, қонунчиликка асосан бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

ID-карта Ўзбекистон Республикаси фуқароларига туғилганидан бошлаб берилади. Мамлакат ҳудудида яшовчи фуқаролар 18 ёшдан ID-картага эга бўлишлари шарт. 18 ёшгача ID-карта ихтиёрий бўлади.

Мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам ID-картаси берилиши режалаштирилмоқда.

ID-карта фуқароларга қуйидаги амал қилиш муддатларига берилади:

  • туғилган кунидан бошлаб бир ёшгача — икки йил муддатга;
  • бир ёшдан 16 ёшгача — 5 йил муддатга;
  • 16 ёшдан ошган шахсларга — 10 йил муддатга.

Фуқаро 14 ёшдан бошлаб ID-карта расмийлаштиришда бармоқ изларини топшириши шарт.

ID-карта МваФРБ томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб уч иш кунида берилиши белгиланади.

Ҳужжат белгиланган намуна бўйича лотин ҳарфида ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса — қорақалпоқ ёки лотин ҳарфида ўзбек тилларида персоналлаштирилади.

ID-карта бланкасига қуйидаги асосий маълумотлар киритилади:

  • ҳужжатнинг номи;
  • ID-картанинг рақами;
  • ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми;
  • миллати;
  • туғилган санаси;
  • фуқаролиги;
  • туғилган жойи;
  • жинси;
  • берилган санаси;
  • ким томонидан берилгани;
  • амал қилиш муддати тугайдиган сана;
  • эгасининг рақамли сурати;
  • эгаси ҳақидаги машина ўқийдиган маълумотлар.

16 ёшга тўлмаган фуқаронинг миллати унинг ота ва онасининг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланади ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги аризада фуқаронинг миллати кўрсатиб ўтилиши режалашитрилмоқда.

Фармон лойиҳасига кўра, ID-картадаги миллат ҳақидаги ёзув ота-онанинг миллатига мувофиқ ёзилади. Агар ота-онаси турли миллатга мансуб бўлса, биринчи марта ID-карта берилаётганда фуқаронинг хоҳишига қараб ота-онасидан бирининг миллати ёзилади. Фуқаронинг ёзма аризасига кўра миллат ҳақидаги ёзув фақат бир марта, отаси ёки онасининг миллатига ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшовчи фуқаро ID-карта олиши учун қуйидагиларни тақдим этади:

  • Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган шаклдаги ариза;
  • илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
  • фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси (Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини қабул қилган ҳолатда);
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда) ёки ID-карта;
  • никоҳ тўғрисида гувоҳнома (фамилияси ўзгарган ҳолда);
  • давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанция (тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).