Фарғонада 6 нафар ва Самарқандда 9 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар тузалди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. Соғайганларнинг барчаси реабилитацияга кузатилган.

Фарғонада тузалиб чиққанларнинг 3 нафари Туркиядан, 1 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач шифохонага ётқизилган.Қолган 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Ҳудудлар кесимида 3 нафари Фарғона вилоятидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон ва Наманган вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 23 ёш.

Вилоятда шу пайтга қадар 156 нафар бемор соғайиб, коронавирусга чалинган 1 нафар бемор қолмоқда.

Самарқанд вилоятида тузалганларнинг барчаси Самарқанд вилоятидан (3 нафари Тойлоқ туманидан, яна 3 нафари Оқдарё туманидан, 2 нафари Пайариқ туманидан ва 1 нафари Самарқанд шаҳридан) бўлиб, коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 3 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 59 ёшда, ёши кичиги эса 9 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 204 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлса, улардан ҳозиргача 103 нафар бемор бутунлай ушбу инфекциядан соғайди. Айни пайтда вилоятда 101 нафар бемор даволанмоқда.

Айни пайтга қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 2055 нафарга етди.