Ўзбекистонда янги коронавирус ҳолатлари асосан карантинга олинганлар орасида аниқланмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Хабибулла Оқилов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Таҳлилларга кўра, янги ҳолатлар асосан карантинга олинганлар орасида аниқланмоқда. Қолган аҳоли орасида аниқланган ҳолатлар фоизи сезиларли даражада паст», — деди у.

ССВ вакили охирги бир неча кунда касалланган сонининг ортгани мамлакатда карантин тадбирлари енгиллаштирилгани билан боғлиқ эмаслигини таъкидлаб ўтди. У янги ҳолатлар асосан қуйидагилар орасида аниқланаётганини маълум қилди:

  • чартер-рейслар билан чет эллардан қайтариб олиб келинаётган фуқаролар;
  • автомобил йўллари орқали чегарадан ўтиб келаётган фуқаролар;
  • узоқ масофаларга қатновчи, катта юк ташувчи траспорт воситалари хайдовчилари (дальнобойщиклар).

Эслатиб ўтамиз, охирги уч кун давомида Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони қарийб 3 бараварга ортиб, кунлик ўсиш 60 тадан кўпроқни ташкил этмоқда.