Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистонга навбатдаги инсонпарварлик ёрдамини жўнатди, дея ЎзА хабар берди.

Унга кўра, Хитой ҳарбий авиацияси томонидан Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мутасаддилари томонидан қабул қилиб олинган.

Маълум қилинишича, Хитой ҳарбий самолёти бортида жами 2,5 тоннага яқин 13 турдаги тиббиёт воситалари олиб келинди. Улар асосан юқумли касалликлардан ҳимояловчи тиббиёт ниқоблари, кўзойнаклар, махсус кийимлар, масофадан туриб тана ҳароратини ўлчовчи термометр, дезинфекцияловчи аппарат каби энг зарур буюм ва воситалардан ташкил топган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой март ойи охирида Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди. Шунингдек, Жанубий Корея, БАА ва бошқа мамлакатлар Ўзбекистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатганди. Ўз ўрнида, Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдамини қўшни Тожикистон, Қирғизстон ва бошқа давлатларга юборган эди.