Бухоро вилоятида тракторнинг иккита тиркамаси зовурга қулаб тушиши оқибатида вафот этган аёллар сони уч нафарга етди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ матбуот раҳбари Қувват Ярашев «Газета.uz»га маълум қилди.

Аввалроқ ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти ҳодиса натижасида икки аёлнинг ҳалок бўлгани, бир киши жароҳаланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эди.

Ҳодиса соат 10:00 лар атрофида Бухоро вилояти Ромитан тумани Қумработ МФЙ Сарой қишлоғида «Нормурод Ниёз» фермер хўжалиги дала ҳудудида содир бўлди. 45 ёшли «МТЗ-80» трактори ҳайдовчиси О.И. транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланмаган чўл ҳудудидан ҳаракатланиб кетаётган вақтда, ёмғир ёғиб, ҳудуд лой бўлганлиги сабабли, трактор тиркамаси сирпаниб, зовурга ағдарилган.

Натижада, тиркама устида бўлган фуқаролар 33 ёшли Ш. П. (аёл) ва 34 ёшли О.И. (аёл) воқеа жойида вафот этган. 38 ёшли Ф.Ж. (аёл) эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилиб, кейинроқ олган тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ромитан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноий иш қўзғатилиб, Бухоро вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Йўл ҳаракати қоидаларининг 159-бандига мувофиқ, тракторлар, тиркамалар ва юк мотоцикли кузовида одам ташиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтди.