12 май куни президент Шавкат Мирзиёев «2020−2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида"ги фармонни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фармонга кўра, 2025 йилга қадар мамлакатнинг банк секторида қўйидаги асосий кўрсатгичларни ошириш устувор қилиб қўйилган:

  • банк тизими активларининг жами ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;
  • банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;
  • 2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;
  • умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.

Мазкур фармонда банк соҳасини ислоҳ қилишда молия бозорида тенг рақобат шароитларини яратиш, кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш, банкларнинг давлат ресурсларига қарамлигини пасайтириш асосий йўналишлар сифатида белгиланди.

Шу ўринда, 2025 йилгача халқаро молия институтлари кўмагида «Ипотека-банк» АТИБ, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ, «Асака» АТБ, АТ «Алоқабанк», «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ ва «Туронбанк» АТБдаги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш назарда тутилган. Шу билан бирга, «Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки» АЖ, «Агробанк» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБ устав капиталларида давлат улушини сақлаб қолиш режалаштирилган.

Фармонга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Давлат улушига эга тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилиб унга молия вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.

Мазкур Лойиҳа офисига тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларига маслаҳатчи сифатида халқаро консультантларни жалб қилиш, тижорат банклардаги давлат акциялари пакетини хусусийлаштиришга доир масалаларда халқаро молия институтлари ва салоҳиятли хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш вазифалари юклатилади.

Эндиликда, стратегия кўра, вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг, шу жумладан, кредит портфели ва банк активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиш тақиқланади ва Ўзбекистон Бош прокуратураси банклар фаолиятига давлат органларининг маъмурий аралашувига йўл қўймаслик қисми ижро этилиши устидан назоратни кучайтиради.

Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини бошқариш бўйича кенгаш таркибига мустақил аъзоларни киритиш орқали уни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш чораларини кўриши фармонда қайд этиб ўтилган.

Молия вазирлиги берган шарҳига кўра, ушбу фармонни қабул қилишдан асосий сабаб — банк секторида тўпланган муаммоларни республика молия тизимининг асосий таркибий қисми сифатида ҳал этиш зарурияти. Улар орасида: давлатнинг ҳаддан ташқари мавжудлиги, рақобат камлиги, корпоратив бошқарув ва банк хизматларининг замонавий талабларга мос келмаслиги, шунингдек, дунёда қўлланилаётган Профил технологияларининг нисбатан паст даражада ривожланиши.