БМТ бош котиби Антониу Гуттериш Ўзбекистон президентига йўллаган мактубида Сирдарё вилоятида тўғон ўпирилгани оқибатидаги сув тошқинидан жабрланган Ўзбекистон халқи ва қўшни Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, БМТ раҳбари Сирдарё вилоятида тўғон ёрилгани тўғрисидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилганини ва муҳтож одамларга ёрдам кўрсатишда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари яқиндан ўзаро ҳамкорлик қилаётганини юксак баҳолашини маълум қилган.

Шу билан бирга, БМТ бош котиби Ўзбекистон президентини коронавирус инфекциясининг тарқалишини жиловлаш, шунингдек, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий, шу жумладан аҳолининг энг эҳтиёжманд қатламлари учун оқибатларни юмшатиш бўйича кўрилган қатъий чораларни юксак баҳолашини айтиб ўтди.

«Сиз раҳбарлик қилаётган мамлакатнинг минтақада жабр кўрган давлатларга, шу жумладан Афғонистон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун ғоят миннатдорман», — деди Антониу Гуттериш.

Шунингдек, ўз мактубида Антониу Гуттериш глобал миқёсда ўт очишни тўхтатиш бўйича у эълон қилган даъватни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорчилик билдирган.

«Ушбу даъват бутун дунё бўйлаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари томонидан, шунингдек, минтақавий шериклар, фуқаролик жамияти ва дин раҳбарлари томонидан ижобий қабул қилингани мени руҳлантирди. Энг муҳими, ушбу даъватга бир қатор ўзаро низолашаётган томонлар бошланғич ижобий муносабат билдирди», — дейилади мактубда.