Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев 11 май куни Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида 2019 йилда прокуратура органлари фаолияти тўғрисида ҳисобот берди.

Унинг сўзларига кўра, йил давомида 16 мингга яқин тадбиркорга муаммоларни ҳал қилишда ёрдам берилди, 7500 нафарининг ҳуқуқлари тикланди, прокурорлар кўмагида 15,5 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, фаолиятини тўхтатган 12 мингга яқин тадбиркорлик субъекти фаолияти қайта тикланди.

Ниғматилла Йўлдошевнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар ҳуқуқларини бузгани учун 516 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган, 344 та жиноий иш қўзғатилган.

У бир мисол келтирди: «Юқоричирчиқ туманидаги иссиқхонага газ лимити ажратиш учун «Комфорт Элит» корхонаси раҳбаридан пора олган «Ўзтрансгаз»нинг Тошкент вилоят бўлими бошлиғи Ниёзметов жазога тортилди».

Инвестицион дастурга киритилган 1379 та қурилиш лойиҳаси қайта экспертизадан ўтказилгач, 1,5 трлн сўм бюджет маблағлари (148 млн АҚШ доллари) тежаб қолинди, деди бош прокурор.

Қурилиш учун ажратилган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш бўйича назорат тадбирлари доирасида 75 миллиард сўм (7,4 миллион доллар) ўғрилик аниқланди. 300 дан ортиқ киши жавобгарликка тортилган.

Қишлоқ хўжалигида 22 миллиард сўмлик (2,2 миллион доллар) ғалла, 63 миллиард сўмлик (6,2 миллион доллар) пахта хом ашёси, 3 миллиард сўмлик (300 минг АҚШ доллари) минерал ўғитлар, шунингдек, суғориш ишларига ажратилган 1,7 миллиард сўм (168 минг доллар) ўғрилангани аниқланди.

Бош прокуратура раҳбари сўнгги икки йил давомида ҳокимликлар томонидан 56 минг гектар ер ноқонуний равишда ажратилганини маълум қилди. Ерларни сотган 543 киши, шу жумладан 295 мансабдор шахс (119 нафар кадастр хизмати, 23 нафар ҳокимлик, 14 нафар архитектура ва қурилиш бўлимлари ходими), 76 фермер ва 26 маҳалла раиси жавобгарликка тортилди.

Бюджет ташкилотларида оналик нафақаларини тайинлашда ҳам кўплаб ҳуқуқбузарликлар аниқланди.

Бундан ташқари, ўтган йили текширувлар ўтказилган таълим соҳаси идораларининг 93 фоизида 16,7 миллиард сўм (1,6 миллион доллар) миқдорида молиявий қоидабузарликлар аниқланган, бу 2018 йилга нисбатан 2,5 баравар кўп.