13 май куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг видеоконференция шаклидаги учрашвида иштирок этади. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилди.

Унга кўра, ШҲТ ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ташкилот доирасидаги бўлажак тадбирларга тайёргарликнинг боришини муҳокама қиладилар, янги коронавирус инфекцияси (COVID-19) пандемияси шароитидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари бўйича фикр алмашадилар.

Шунингдек, ШҲТ томонидан Афғонистондаги сиёсий вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш масалалари ҳам алоҳида кўриб чиқилади, дейилади хабарда.