Сардоба сув омборида рўй берган техноген офатнинг барча айбдорларига нисбатан, албатта, чоралар кўрилади. Бу ҳақда душанба куни бўлиб ўтган Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева таъкидлаб ўтди.

«Сенат ҳукуматдан бугунги мажлисда Сардоба масаласида сўров қиладими, деб сўрашяпти. Бунга айтишим мумкинки, давлат раҳбари бир неча марта эълон қилдилар, Давлат хавфсизлик хизмати томонидан жиноий иш қўзғатилган, ҳозир тергов ишлари олиб бориляпти. Бу масала давлат раҳбарининг шахсий назоратида. Қаерда коррупция бўлган бўлса, қаерда қонун бузилиши бўлса, ҳаммасига, албатта, чора кўрилади», — деди у.

«Шу пайтда халқнинг уюшганини, бир-бирини қўллаб-қувватлашини кўрдик, биз раҳбарлар ҳам уюшиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, халқ муаммоларини ҳал қилишда ҳуқуқ-тартибот органларига ёрдам беришимиз керак», — деди Сенат раҳбари.

Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 32381 га ер майдони сув остида қолди. Тўрт кишининг ҳалок бўлгани, бир кишининг бедарак йўқолгани маълум. Қўшни Қозоғистоннинг чегарадош ҳудудлари ҳам сув тошқинидан зарар кўрди.

Ўзбекистон президенти ҳодиса «аччиқ сабоқ» бўлганини таъкидлади, тўғонлар экспертизасига халқаро экспертлар жалб этилишини маълум қилди. «Ким бўлиши ва эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, қонун олдида жавоб беради», — дея қайд этди президент.