Санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекцияси «Qanotchi» ресторани карантин талабларига риоя этмасдан ўзбошимчалик йўли билан фаолият юритган дея баёнот берди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар санитария-эпидемиология назорати Давлат инспекциясининг буюртмасига асосан Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Тошкент шаҳар вакилининг 10 майдаги келишуви асосида текширув амалга оширилган.

Текширув давомида Республика махсус комиссиясининг 6 майдаги қарорига зид равишда коронавирус пандемияси даврида рухсат берилмаган фаолият тури билан шуғулланаётгани аниқланиб, ушбу корхонанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган.

«Қаҳвахона раҳбари Агзамов Сардорхўжа Эркиновичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик бўйича тўпланган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Яккасарой туман Маъмурий судига киритилмоқда» -, дейилади баёнотда.

Олдинроқ Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ресторан фаолияти синов тариқасида амалга оширилаётганлиги ҳақида маълумот берган эди. Умумий овқатланиш жойи дезинфекция мосламаси, мижозлар столларини ажратиб турувчи ҳимоя экранлари билан жиҳозланиб, СЭОМ бош шифокори М. Қутратходжаеванинг шарҳида қайд этилганидек, «…ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари режасига риоя қилаётган эди», дейилади ИИББ хабарида.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам ушбу вазият юзасидан шарҳ бериб, синов ўтказилганлиги ва ресторан ёпилганлигини тасдиқлаган эди.

«Эксперимент доирасида Qanotchi ресторани маъмурияти ўз ҳисобидан овқатланиш залини СЭОМ меъёрлари асосида жиҳозлаб, дезинфекция ишларини амалга оширди ва меҳмонларни залда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш ва киритиш бўйича барча белгиланган чораларни ишлаб чиқди», — дейилади ҳокимият хабарида.

Qanotchi ресторани 10 майдан бошлаб меҳмонларни қабул қилишни бошлаганлиги ҳақида хабар берган эди. Ресторан раҳбарияти «фаолият барча санитария-эпидемиологик нормаларга асосланган ҳолда амалга оширилади», дея таъкидлаган эди. Ушбу вазият юзасидан жамоат муҳокамалари кучайгандан кейин, ресторан ушбу хабарни ўчирди. Кейинроқ, ресторан синов тариқасида очилгани ҳақида маълумот берилди, лекин биринчи хабарда бу ҳақда айтилмаган эди.