Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Йўлдошев душанба куни Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисида 2019 йилда прокуратура органлари фаолияти тўғрисида ҳисобот берди. У тизимни нопок ва номуносиб ходимлардан тозалаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Ўтган йили коррупцияга мойил 100 нафар, жумладан 30 нафар юқори лавозимли ходим тизимдан бўшатилди. Бундан ташқари, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган ва уддалай олмаган 282 нафар ходим, жумладан 119 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Қонун бузилиш ҳолатлари, жиноятларга қўл урган 15 нафар прокуратура ходими жиноий жавобгарликка тортилди, дея қайд этди Ниғматулла Йўлдошев.

«Тизимда муҳитни соғломлаштириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, прокуратурани коррупциядан мутлақо ҳоли идорага айлантириш борасидаги ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади», — деди у.

Бош прокурор бугунги кунда прокуратура ходимларининг 45 фоизи ёш кадрлардан иборат эканини маълум қилди.

«Ходимларимизнинг деярли ярми, яъни 45 фоизини ёшлар ташкил этишини, уларга иш ўргатадиган мураббийлар деярли етишмай қолганлигини инобатга олган ҳолда биз бой берилган „устоз-шогирд“ анъанасини тиклашга ҳаракат қилдик. Шу мақсадда, ўз хоҳишига кўра хизматдан бўшаган қирққа яқин ходимларимизни ишга қайтариб, узоқ йиллик ва етарли тажриба-малакага эга бўлган мураббийлар фаолияти йўлга қўйилди», — деди у.

Ҳар бир тармоқ раҳбарлигига шу йўналишда том маънода суяги қотган соҳанинг ҳақиқий эгаларини тайинладик. Кадрларни танлаш ва тайинлашдаги ўта марказлашган ва субъектив омилларни бартараф этишга қаратилган кескин чоралар кўрилганини маълум қилди.

Аввалроқ, ушбу мажлисда бош прокурор коррупцияга қарши агентлик ташкил этилаётгани, унинг мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи мақомига эга бўлиши ҳақида маълум қилганини ёзган эдик.