Олий Мажлис Сенати 11 май куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисда «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунини кўриб чиқди.

Қонун билан прописка тизимига қуйидаги асосий ўзгаришлар киритилмоқда:

  • «доимий прописка» сўзлари «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» сўзларига алмаштирилмоқда;
  • фуқаролар нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларга тегишли манзилдаги уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга тура оладилар;
  • эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилинмоқда;
  • парламент, президент ва ҳукумат томонидан ёхуд президент билан келишилган ҳолда лавозимларга тайинланганлар доимий прописка қилингандан сўнг, улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши натижасида прописканинг бекор қилинишига оид қоида чиқариб ташланмоқда;
  • давлат ташкилотларида узлуксиз 5 йил ва ундан ортиқ давр мобайнида ишлаган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига доимий рўйхатга туриш бўйича янги банд киритилмоқда;
  • эр-хотинга улар никоҳдан ўтган куннинг ўзида яшаш жойи бўйича доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи берилади;
  • оилага тарбиялашга (патронат) олинган шахслар қабул қилиб олган ота-онасининг доимий яшаш жойига рўйхатга тура оладилар (амалдаги қонунчиликда бу кўзда тутилмаган эди);
  • аввал Тошкент ва Тошкент вилояти пропискасига эга бўлган фуқаролар пойтахт ёки пойтахт вилоятида қайтганида, ҳеч қандай тўсқинликларсиз доимий рўйхатга тура олади;
  • бошқа вилоятларда доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароларига Тошкент ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган турар жойларда кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини расмийлаштиргани учун шартнома қийматининг 5 фоизи миқдоридаги махсус давлат божи ставкаси бекор қилинади;
  • Тошкент ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш Турар жой кодексининг бир киши учун 16 кв. м (ногиронлик аравачасидаги ногиронлиги бўлган шахслар учун — энг камида 23 кв. м) дан кам бўлмаган ҳажмдаги турар жой ижтимоий нормасига риоя этиш шарти билан амалга оширилади.

Ушбу ўзгаришларни кўзда тутган қонунни ишлаб чиқиш президент Шавкат Мирзиёевнинг прописка тизимини ислоҳ қилиш тўғрисидаги фармонида топширилган эди. Қонун кучга кириши учун президент томонидан имзоланиши керак.