Тошкентнинг Учтепа туманидаги Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлар бозорида коронавирусга гумон қилинган фуқарода COVID-19 инфекцияси аниқланмади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Хабарга кўра, 11 май куни Фарҳод автомобиль эҳтиёт қисмлар бозори худудига кираверишда ўрнатилган тиббий текширувлар давомида бир нафар фуқарода юқори ҳарорат аниқланган ва у дарҳол изоляцияга олинган. Коронавирусга гумон қилинган ушбу фуқаро бозор худудига киришга улгурмаган.

Вазирлик маълум қилишича, шу куннинг ўзида 1989 йилда туғилган (эркак) ушбу фуқародан коронавирус инфекциясини аникловчи диагностик таҳлил ўтказилган. Таҳлил натижаси унда «COVID-19» инфекцияси аниқланмаганлигини кўрсатди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча ижтимоий тармоқларда «Фарҳод» автоқисмлар бозорида тадбиркорларидан бирида юқори ҳарорат кузатилганлиги туфайли бозор ёпиб қўйилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Вазият юзасидан савдо қаторлари маъмурияти томонидан бозор ҳудудида санитария куни эълон қилинди. Маълумотга кўра, ҳозирда мазкур бозорда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда ва уларнинг якунига кўра бозор ишга тушиши режалаштирилган.