13 майдан 24 майга қадар фуқароларни хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар ташкиллаштирилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов брифингда маълум қилди.

Амалга ошириладиган парвозларга дипломатик ваколатхоналар ҳамда консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тақдим этилади ва фуқаролар ушбу рўйхат асосида ҳаво кемаси бортига киритилади, дейилади хабарда.


Самолётнинг Тошкентдан учиб кетиш вақти берилган.

Рўйхатга биринчи навбатда касал ёки бемор фуқаролар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда кекса ёшдаги фуқаролар, шунингдек бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар қўйилади.

Чипталарни фуқаролар парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг кассаларидан олишлари мумкин бўлади, дея маълум қилди Ашурматов.

Чипталарнинг нархлари минимал тарифдан юқори бўлмаслиги белгиланган.

«Масалан Москва — Санкт-Петербург — Тошкент рейсларига чипта нархлари 147 доллар, Деҳли — Тошкент рейсига 224 доллар, Шаржа — Тошкент рейсига 221 доллар, Истанбул — Тошкент рейсига 285 доллар бўлади», — дея хабар берди Наврўз Ашурматов.

Ўзбекистонга қайтган барча фуқаролар 14 кундан кам бўлмаган муддатга карантин марказига жойлаштирилади.