11 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида республика ҳудудларини босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади.

Бунда асосан қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ички ва ташқи бозор талабларига жавоб берадиган рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш ҳамда илм-фан янгиликларини кенг жорий этиш ва маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадлари кўзланган. Дастлабки босқичда республика бўйича 55 та туман мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган.

Эндиликда, мазкур ишларни самарали ташкил этиш мақсадида эксперимент тариқасида 2020−2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (боғдорчилик ва узумчилик, сабзавот, картошка, полиз, дуккакли ва доривор ўсимликлар) етиштиришга ихтисослаштирилади.

Ушбу ер майдонларида агрокластерларни ташкил этувчи салоҳиятли ташаббускорлар, фермер хўжаликлари ва бошқа субъектларга қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун танлов асосида ажратилиши қарорда белгилаб ўтилган.

Шу ўринда, Жиззах вилоятининг Зомин, Мирзачўл ҳамда Пахтакор туманларида, уларнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, транспорт ва инфратузилма объектлари ҳолати ва туташ туманларнинг маҳсулот етиштириш ҳажмларини инобатга олиб, йирик агрологистик марказларни ташкил этилади.

Карорга муфофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади.

Шунингдек, қарор билан ихтисослаштирилган ҳудудларда ташкил этиладиган ҳар бир агрокластерга халқаро стандартларга (Global GAP, Organic, ISO 22000 ва бошқалар) мувофиқ хавфсизликни бошқариш тизимларини жорий этиш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда картошкачилик кластерлари ва кооперациялари ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди.