Тошкент шаҳар ИИББ «Qanotchi» ресторанининг очилиши синов мақсадида бўлганлигини маълум қилди.

Маълумот берилишича, «Qanotchi» ресторанида умумий овқатланиш жойларининг санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда ишлаш имкониятини ўрганиш мақсадида синов ўтказилган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

СЭХ хизматлари ишчилари билан ҳамкорликда ўтказиладиган синов ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ хабардор қилинган бўлган.

Умумий овқатланиш жойи дезинфекция мосламаси, мижозлар столларини ажратиб турувчи ҳимоя экранлари билан жиҳозланиб, СЭОМ бош шифокори М. Қутратходжаеванинг шарҳида қайд этилганидек, «…ишлаб чиқилган хавфсизлик чоралари режасига риоя қилаётган эди», дейилади ИИББ хабарида.

Синов натижалари Республика махсус комиссияси томонидан маълум қилиниб, умумий овқатланиш жойлари фаолиятини тиклаш масаласи ўрганилади ва узил-кесил қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳам ушбу вазият юзасидан шарҳ бериб, синов ўтказилганлиги ва ресторан ёпилганлиги ҳақида маълумот берди.

«Эксперимент доирасида Qanotchi ресторани маъмурияти ўз ҳисобидан овқатланиш залини СЭОМ меъёрлари асосида жиҳозлаб, дезинфекция ишларини амалга оширди ва меҳмонларни залда жойлаштириш, уларга хизмат кўрсатиш ва киритиш бўйича барча белгиланган чораларни ишлаб чиқди», — дейилади ҳокимият хабарида.

Qanotchi ресторани 10 майдан бошлаб меҳмонларни қабул қилишни бошлаганлиги ҳақида хабар берган эди. Ресторан раҳбарияти «фаолият барча санитария-эпидемиологик нормаларга асосланган ҳолда амалга оширилади», дея таъкидлаган эди. Ушбу вазият юзасидан жамоат муҳокамалари кучайгандан кейин, ресторан ушбу хабарни ўчирди. Кейинроқ, ресторан синов тариқасида очилгани ҳақида маълумот берилди, лекин биринчи хабарда бу ҳақда айтилмаган эди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Олдинроқ, ижтимоий тармоқларда «Qanotchi» ресторани карантин қоидалари амал қилиши тугатилмаганига қарамасдан ўз фаолиятини давом эттиришни бошлаганлиги ҳақида маълумотлар тарқаган эди.