11 май куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Олий Мажлис Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси давомида Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти (ЕИҲ) ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ўртасидаги ҳамкорликнинг фарқи ҳақида фикр билдирди.

2006 йилнинг январь ойида Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕИҲ) қўшилиши тўғрисида протокол имзоланди. 2008 йили октябрь ойида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримов «ушбу давлатлараро бирлашманинг самарадорлиги бўйича шубҳалар мавжудлиги туфайли» аъзоликни тўхтатганини эълон қилганди. Расмий равишда 2008 йил декабр ойида ЕИҲ билан аъзолик тўхтатилди.

11 май куни сенаторлар Ўзбекистоннинг ЕОИИда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиш таклифини маъқуллашди.


Жамшид Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 2006 йилда Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига (ЕИҲ) аъзо бўлиш ва ҳозирги Евроосиё иқтисодий иттифоққа (ЕОИИ) кириш ўртасидаги «принципиал фарқи» ҳақида фикри билан бўлишди.

«Биз ҳозир бировдан қочиб ёки бировга қарши бу ерга [ЕОИИ] аъзо бўлиб кираётганимиз йўқ. Ҳозирда президентимиз олиб бораётган ташқи сиёсат ҳамма билан бир ҳил, яхши, конструктив алоқаларда бўлишдир», — деди у.


Илҳом Неъматов

Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳом Неъматовнинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистон ўзининг ташқи сиёсатида ҳар бир қилаётган иши, биринчи навбатда, мамлакатнинг миллий манфаатларидан келиб чиқиб қарор қилинмоқда. Унинг сўзларига кўра, ЕОИИда қатнашиш бошқа давлатлар билан муносабатларнинг ёмонлашишига олиб келмайди.

«Биз суверен давлат сифатида ҳар бир босган қадамимизга қараб Ғарб нима дер экан, Шарқ нима дер экан дейдиган бўлсак ҳеч қандай натижага эришмаймиз. Бу яна изоляцияга олиб келади. Кўп йиллар давомида изоляцияда бўлдик, буни беркитиш керак эмас. Ҳозир изоляциядан чиқдик десак ҳам бўлади. Бу изоляция бўлганда рақобат бўлмайди, натижа бўлмайди ва ҳеч қандай бир ривожланиш бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу [ЕОИИ билан ҳамкорлик қилиш] тўғри (қарор) бўляпти.»

ТИВ ўринбосарининг маълум қилишича, ЕОИИ аъзо-давлатлари Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Белоруссия, ҳаммаси ғарб давлатлари билан алоқаларни ҳеч қандай муаммосиз ривожлантириб келаяпти. Улар «инвестиция олиб келишяпти, сиёсий ва иқтисодий алоқалар ривожланаяпти. Шунинг учун бу ерда хавфсирашга шубҳа йўқ», — дея таъкидлади у.

«Олдин ҳам ушбу ташкилотда қатнашганмиз. 2005−2006 йилдан бошлаб 2008 йил ноябригача иштирок этганмиз. Ўшандан биз ташкилотнинг қандай салбий таъсирлари бўлиши мумкинлигини биламиз. Шунга биз олдиндан йўл харитасини ишлаб чиқдик», — деди Илҳом Неъматов.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги раҳбари халқаро молиявий ташкилотлар (ХВФ, Жаҳон банки, ОТБ ва бошқалар) билан боғлиқ муаммолар бўлмайди дея қўшимча қилди. «Биз улардан тўғридан-тўғри сўрадик», — деди Жамшид Қўчқоров.