Ўзбекистонда ташкил этилаётган коррупцияга қарши курашувчи орган ҳудудий бўлинмаларига эга агентлик шаклида бўлиб, мустақил ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи сифатида фаолият кўрсатади. Бу ҳақда бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев Сенатнинг душанба куни бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисида маълум қилди.

Янги тузилмага мамлакатда коррупцияга қарши курашни мувофиқлаштириш топширилади.

«Мазкур орган бирор бир давлат идораси, парламент, президент ҳузурида эмас, алоҳида бўлади. Бу давлат бошқарув органлари орасида ўзини-ўзи тийиб туриш механизми ва суд мустақиллиги учун ҳам керак, деб ўйлаймиз», — дея қайд этди Ниғматилла Йўлдошев.

Агентлик олдидаги асосий вазифалардан бири — коррупцион қонунбузарликларга олиб борувчи шароитларни доимий таҳлил қилиш ва коррупцион хатарларни мониторинг қилишдан иборат бўлади. Адлия вазирлигининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси бўйича ваколатларининг янги агентликка берилиши кутилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органларида коррупцияга қарши курашда ички назорат тизимини (комплаенс-назорат) такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқади.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, янги агентликка тезкор қидирув, текширув ва тергов вазифаларини юклаш масалалари кўриб чиқилмоқда. Бунда Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизматининг худди шундай ваколатлари сақлаб қолинади.

«Биз жиноий ҳуқуқ субъектлари чегараларини белгилаб олишни хоҳлаймиз. Яъни агентлик текширув ва тергов ўтказишда алоҳида субъектлар билан ишлайди. Қандай субъектлар? «Агентлик тезкор қидирув ишларини олиб боришда парламент аъзолари, президент администрацияси аъзолари, ҳукумат аъзолари, республика даражасидаги хўжалик юритувчи идора раҳбарлари, банк раҳбарлари, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари даражасидаги мансабдор шахслар ишини ўрганади», — деди бош прокурор.

«Биз маиший коррупциядан элитар коррупцияни ўрганишга чиқишимиз керак…Агарда биз юқори даражага кўтарилсак, [элитар коррупцияни] бартараф этамиз, пастдаги маиший коррупция ҳам бўлмайди», — деди у.

Ниғматулла Йўлдошев на Жиноят кодексида ва на бошқа қонунларда қайси ҳолатда коррупция, қайси ҳолатда оддий қонун бузилиши ҳолати экани бўйича аниқ чегара йўқлигини қўшимча қилди. «Буни аниқлашнинг аниқ чегараси йўқ», — дея тан олди бош прокурор.

Агентликка давлат харидлари ва бюджет харажатлари соҳасидаги коррупцион қонунбузарликлар мониторингини юритиш топширилади.

«Энг асосийси -давлат хизматчиларининг даромадларини декларация қилиш тизимини жорий этиш ишлари агентлик зиммасига юклатилади», — дея қайд этди бош прокурор.

Унинг сўзларига кўра, агентлик фаолияти прокурор назорати остида бўлади.

«Чунки амалдаги қонунларда тергов, тергов олди текшируви, тезкор қидирув ишлари устидан назорат бевосита прокуратура зиммасига юклатилган. Ҳеч бир идорани камситмаган ҳолда, ҳар бир идора устидан прокуратура қандай назорат олиб борса, буларнинг устидан ҳам шундай назорат бўлиши белгиланган», — дея таъкидлади у.

Ҳужжат лойиҳаси Президент администрацияси томонидан кўриб чиқилмоқда.

Январда президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида мамлакатда коррупцияга қарши курашиш органини ташкил этишни таклиф қилган эди. У мазкур орган нафақат порахўрликка қарши курашиш, балки унинг олдини олиш билан ҳам шуғулланиши кераклигини таъкидлаган эди.

Давлат раҳбари илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиладиган янги тузилманинг афақат бу борада давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклигини таъкидлади.