Президент Шавкат Мирзиёев 9 май куни Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистон халқининг урушдаги иштироки тўғрисида янги маълумотларни ошкор қилди.

«Мен аввалги чиқишларимда эл-юртимизнинг буюк Ғалабага қўшган ҳиссаси ҳали тўлиқ ўрганилмагани ҳақида гапириб, жамоатчилигимиз эътиборини шу масалага қаратган эдим. Бугун мамнуният билан айтмоқчиманки, кейинги йилларда ушбу йўналишда жуда катта ишларни амалга оширдик», — деди у.

«Аввало, илгари ёпиқ бўлган архив ҳужжатларини, илмий жамоатчилик учун маълум бўлмаган материалларни ўрганиш учун имконият яратилди. Бу борада собиқ Иттифоқ республикалари ва чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар ва фондлар, тарихчи олимлар ва мутахассислар, кенг жамоатчилик билан ҳамкорлик кучайтирилди. Ана шундай илмий изланишлар натижасида халқимизнинг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки ҳақида, қаҳрамон аждодларимиз ҳақида жуда муҳим янги маълумотларга эга бўлдик», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

«Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихимизни ўрганишда том маънода янги давр бошланди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор. Масалан, шу вақтга қадар уруш бошланган пайтда юртимиз аҳолиси 6 миллион 551 минг кишини ташкил этган ва уларнинг 1 миллион 500 мингга яқини урушда иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, Ўзбекистондан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Демак, ҳар уч нафар ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган», — деди президент.

«Аёвсиз жангларда мардона қатнашган қарийб 451 минг нафар юртдошимизнинг номлари ва тақдири шунча йиллар мобайнида эътибордан четда қолиб келганини албатта адолатдан, деб бўлмайди», — дея қайд этди у.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ўша даврда «қулоқ» сифатида бошқа ўлкаларга сургун қилинган 59 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ҳам ҳаракатдаги армияга сафарбар этилгани маълум бўлди.

«Илгари 396 минг нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган, деб айтиларди. Аслида бу рақам 538 мингдан зиёд бўлган. Бундан ташқари, фронтда бедарак йўқолганлар ҳақидаги маълумотлар ҳам тўлиқ эмасди. Ҳозирги вақтда 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетгани аниқланди», — деди у.

«Олиб борилган илмий изланишлар туфайли жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган Ўзбекистон вакилларининг сони бўйича ҳам ойдинлик киритилди. Шу пайтга қадар бу кўрсаткич 120 минг нафар деб қайд этиларди. Янги маълумотларга асосан 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани аниқланди. Жумладан, илгари 280 нафар деб ҳисоблаб келинган ўзбекистонлик Совет Иттифоқи Қаҳрамонларининг сони 301 та экани, 70 нафар юртдошимиз учала даражадаги Слава орденига сазовор бўлгани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг маълум қилишича, Ўзбекистон халқи жанг майдонларига катта миқдорда қурол-яроғ, озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон ва бошқа зарур маҳсулотларни етказиб берди. Республикадаги 300 га яқин корхонада ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Шу даврда фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга 151 та завод кўчириб келтирилди ва ғоят қисқа фурсатда ишга туширилди.

«Янги аниқланган маълумотларга кўра, уруш ўчоғига айланган ўлкалардан Ўзбекистонга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинди. Халқимиз бу одамларнинг барчасига чинакам меҳр ва эътибор кўрсатди, сўнгги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўриб, юксак инсонпарварлик фазилатларини намоён этди», — деди давлат раҳбари.