Коронавирус инфекциясига қарши курашиш, ушбу касалликка чалинган беморларни самарали даволашда катта тажриба ва малакага эга бир гуруҳ шифокор мутахассислар Тожикистонга йўл олди, дея хабар берди ССВ матбуот хизмати. Уларни соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов кузатиб қўйди.

Шифокорлар COVID-19нинг олдини олиш, назорат қилиш ва даволашни ташкил этишда тожикистонлик тиббиёт ходимларига яқиндан кўмаклашади.


Тиббиёт гуруҳи таркибидан анестезиолог-реаниматолог, пульмонолог, эпидемиолог, инфекционист, вирусолог, ҳамшира каби тиббиёт ходимлари ўрин олган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ 15 та ҳолат илк бор 30 апрель куни эълон қилинган эди. 8 май ҳолатида мамлакатда 461 та COVID-19 ҳолати қайд этилган, 12 бемор ҳаётдан кўз юмган. «Авеста» агентлиги маълумотларига кўра, 7 май ҳолатида мамлакатдаги тиббиёт муассасаларида 4205 киши шифокорлар назоратига олинган.

Ўзбекистонда эса хабар эълон қилинган вақтда 2314 та коронавирус ҳолати қайд этилган бўлиб, ушбу инфекциядан соғайган беморлар 1721 нафарни ташкил этмоқда. 10 киши ҳаётдан кўз юмди.