Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида Captiva ва Т-28 трактори иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисасида бир ўсмир ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.

Ҳодиса 03 май куни соат 16:30 да Қумқўрғон тумани Арслонбойли маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-596 автомобиль йўлининг 4-километрида содир бўлди. 73 ёшли Б.Ш. Captiva автоулови билан ҳаракатланиб келаётганида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши томондан келаётган 34 ёшли фуқаро А.Ж. бошқарувидаги трактор билан тўқнашган.


Оқибатда трактор йўловчиси, 7-синф ўқувчиси 13 ёшли Ш. Ж. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан 7 май куни шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.