7 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Қарорга кўра, ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилади. Бунда, мазкур ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар танлов асосида саралаб олинади ва Институт ва олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказиш кўзда тутилади.

2021 йил 1 январга қадар Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади. Унга кўра, математикани билиш даражасини баҳолаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатини бериш Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади ва мазкур сертификатга эга абитуриент давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади ва унга математика фани учун белгиланган максимал балл берилади.

Қарорга мувофиқ, Давлат тест маркази Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Миллий сертификатлаш тизимининг онлайн платформасини ишлаб чиқиши ҳам белгиланган.

Шунингдек, математика соҳасидаги фундаментал ва амалий илмий изланишлари натижаларига кўра амалиётдаги муайян муаммонинг ечимини таклиф этган олимларни мукофотлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилади. Бунда, ҳар бир йўналиш бўйича Мукофот совриндорларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.