Математика фанини билиш даражаси бўйича Миллий сертификатга эга абитуриент давлат ОТМга киришда математика фани бўйича тестдан озод қилинади.

Олдинроқ «Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори эълон қилинган эди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар Математика фанини билиш даражасини баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

Миллий сертификатлаш тизими доирасида математикани билиш даражасини баҳолаш ва бу тўғрисида миллий малака сертификатини бериш ўрнатилган тартибда Давлат тест маркази томонидан амалга оширилади. Бунда баҳолаш табақалаштирилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Қарорга кўра, имтиёз бериладиган даражадаги миллий сертификатга эга абитуриент давлат ОТМга ўқишга киришда математика фанидан тест синови топширишдан озод этилади ва унга математика фани учун белгиланган максимал балл берилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани бўйича ўқитувчилари тегишли даражадаги миллий сертификатга эга бўлишлари мажбурий ҳисобланади.

Миллий сертификатнинг тегишли даражасига эга математика фани ўқитувчиларига (Ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчиларидан ташқари) улар фаолият олиб бораётган давлат таълим муассасасининг жойлашувига қараб базавий тариф ставкасига нисбатан 25 фоиздан 50 фоизгача ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.