7 май куни Telegram асосчиси Павел Дуров ўз каналида IT-тадбиркорлар учун АҚШ энг яхши жой деб ҳисобламаслиги ҳақида ёзди.

Унинг сўзларига кўра, бу масалада ўз фикри билан бўлишишга апрель ойининг охирида Юрий Дудь томонидан суратга олинган Кремний (Силикон) водийсидаги ҳаёт ва иш тарзи тўғрисида фильми туртки бўлган.

«Сўнгги 10 йил ичида мен Америкада бир неча бор бўлганман, у ерда компаниялар очганман ва ёпганман ҳам, конференциялар, учрашувлар ва лойиҳаларда қатнашганман. Мен бир вақтлар Кремний водийсига кўчиб ўтиш имкониятини кўриб чиққандим, аммо охирида бошқа ғоялар фойдасига ундан воз кечдим», деб ёзади Телеграм асосчиси.

Унинг сўзларига кўра, у Дудь фильмининг кўплаб қаҳрамонлари билан шахсан таниш. Дуров улар камерада бўлишган нарсалар билан шахсий суҳбатлар чоғида улашганлари ўртасидаги фарқни пайқаган.

«Мен фильмдаги таниш бўлган барча ишбилармонлардан АҚШдаги ҳаётнинг салбий тарафлари ҳақида ўзим бир неча бор эшитганман. Умуман олганда, фильм қаҳрамонлари камерада Американинг битта хусусиятини яққол намойиш этишди — ўткир бурчаклардан қочиш ва фақат ижобий томонларга урғу бериш», — таъкидлайди Дуров.

Шу боис, Телеграм асосчиси янги авлод тадбиркорларини ўзларидан олдинги одамларнинг хатоларини такрорлашдан огоҳлантириш учун Американинг камчиликлари ҳақида гапиришни ўзининг бурчи, деб ҳисоблашини айтади.

«Қуйида Силикон водийсига кўчиб ўтмасмасликнинг 7 сабаби келтирилган. Мени ушбу матнга илҳомлантирган Юрий Дудьга ва унинг фильмига раҳмат», — деб ёзади Дуров.

«Газета.uz» эътиборингизга Телеграм асосчиси Павел Дуров АҚШга кўчиб ўтмасликнинг 7 сабаби ҳақидаги фикрларидан иқтибос тақдим этади.

1. Ўта полициялашган давлат

Озодлик мамлакати имиджига қарамай, АҚШ қаттиқ полиция давлати бўлиб, қамоқхонада бўлганлар сони бўйича етакчи ҳисобланади. Америкадаги маҳбуслар сони Финляндия, Германия ёки Нидерландияга нисбатан 10 баравар кўп.

Агар бу сизга таъсир қилмайди деб ўйласангиз, мен бунга унчалик амин эмасман: ҳеч бўлмаганда фильмдаги Силикон водийсини реклама қилган тадбиркорлардан бири АҚШ ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноҳақ ҳаракатлари ва улар томонидан ташкил этилган кузатувдан азият чеккан. Айтганимдек, 2016 йилда Сан-Францискога сафаримиз чоғида биз, Телеграм жамоаси, ФҚБнинг босимига (FBI — таҳр.) дуч келганмиз.

2. Соғлиқни сақлаш тизими жуда қиммат

АҚШ соғлиқни сақлаш тизими самарасиз ва қиммат, шунинг учун кўплаб эмигрантлар даволаниш учун Шарқий Европага учиб кетишади — бу уларга арзонроқ тушади.

АҚШ аҳолиси унчалик соғлом ҳам эмас: ривожланган давлатлар орасида семизлик бўйича АҚШ биринчи ўринда. Бунга сабаблар ёмон тартибга солинган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, паст овқатланиш маданияти ва стрессдир.

3. Чекланган маданий ҳаёт

Силикон водийси — маданий ҳаёти чекланган бир неча қишлоқдан иборат. Энг яқин шаҳар Сан-Франциско, у метрополия ҳисобланмаса ҳам, аммо жиноятчилик даражаси юқори ва у ерда кўп сонли уйсизлар бор.

Менинг саёҳатларим тарихида кун давомида шаҳар марказида менга ҳужум қилинган ягона жой бу Сан-Франциско бўлган.

4. Унча яхши бўлмаган ўрта таълим

АҚШдаги ўрта таълим сифати бошқа ривожланган давлатларникидан паст. Мактабларда математикани ўқитиш сифати бўйича Америка фақатгина 38-ўринни эгаллайди (ўрганилган 79 мамлакатдан). Американинг таниқли университетларини ҳимоя қиладиган дастурлаш бўйича жаҳон чемпионатларининг барча ғолиблари Хитой мактабларида таҳсил олган ва АҚШга кўчиб келган этник хитойликлардир. Шунга қарамай, АҚШ ушбу мусобақаларда биринчи ўринларни Хитой ёки Россияга қараганда камроқ эгаллайди.

5. Юқори солиқ

АҚШ юқори солиқларга тортиладиган мамлакатдир ва «муваффақиятли» Калифорния аҳолиси ўз даромадларининг ярмидан кўпини давлатга беришади. Шу билан бирга, АҚШ фуқаролари мамлакатдан чиқиб кетганидан кейин ҳам даромад солиғини талаб қилишни давом этадиган дунёдаги ягона давлат бўлиб келмоқда.

Америка Қўшма Штатларининг паспорти — дунёнинг қаерида яшашингиздан қатъи назар, ҳар доим сиз билан бирга бўладиган иқтисодий қуллик.

Албатта, сиз АҚШ фуқаролигидан воз кечишга ҳаракат қилишингиз мумкин, аммо — Олег Тинковнинг аянчли мисоли кўрсатганидек — бу ҳар доим ҳам иш беравермайди. Шарқий Европада тўғридан-тўғри солиқлар АҚШга қараганда анча паст ва БАА каби мамлакатларда улар мутлақо нолга тенг.

6. Ривожланишнинг юқори нархи

Силикон водийси нафақат кўчмас мулк учун, балки юқори технологияли бизнес учун ҳам юқори нархлар маскани. Эмигрант тадбиркорларнинг ўзлари камдан-кам ҳолларда Силикон водийси ишлаб чиқарувчиларини бирор ишга ёллашади. Чунки маҳаллий дастурчилар қиммат, эрка ва кўпинча ғайриоддий таклифлар ва ғоялар оқими туфайли ўзининг иши билан шуғуллана олмайдилар.

Натижада, муҳожирлар Шарқий Европадаги дастурчилар ва дизайнерлар билан ишлашни афзал кўришади, аммо улар орасида 10 соатлик фарқ бўлгани туфайли кўпинча уларга қийин бўлади. Шу маънода, иш фаолиятини Шарқий Европа ёки Ҳиндистонга яқин вақт минтақасидан олиб бориш осонроқ.

7. ХХI аср бозорининг заиф истиқболлари

Америка бозори — бу Интернет аҳолисининг атиги 4 фоизини ташкил этадиган, қизиб кетган ва ўта бошқаруви кўп дунё бозорининг бир қисмидир. Ҳатто 10 ёки 20 йил олдин ҳам, барча глобал лойиҳаларни фақат Силикон водийсидан бошлаш мумкиндек туюларди ва бу асосли эди.

Шу пайт АҚШ энг катта ягона Интернет бозорини тақдим этар эди, YouTubе ва Instagram каби барча янги лойиҳаларни у ердан бошлаш осон эди.

Сўнгги йилларда вазият ўзгарди: ижтимоий тармоқлардаги энг катта муваффақиятлар айнан Силикон водийсидан ташқарида пайдо бўлишни бошлади. Бунга 800 миллион фойдаланувчиси бўлган TikTok ёки 400 миллион фаол фойдаланувчига эга Телеграмни мисол қилиб келтириш мумкин.

Ўтган ҳафта Ҳиндистоннинг таълим бўйича Byju компаниясининг бошланғич капиталлашув даражаси 10 миллиард долларга етди.

Бу табий ҳол: бугунги кунда АҚШ эмас, Ҳиндистон энг катта очиқ Интернет бозоридир.

Телеграмдаги ҳинд фойдаланувчиларининг улуши бошқа давлатларнинг фойдаланувчиларидан кўпроқ бўлиши ҳам тасодиф эмас. Бизнинг бош офисимиз дунёнинг орқа томонида эмас, балки ушбу мамлакатга нисбатан яқин жойлашганидан мамнунмиз.

Хулоса

Америка Қўшма Штатлари IT бизнесини юритиш ёки яшаш учун энг яхши жой эмас. Ишончим комилки, агар сизда танлов бўлса, Шарқий Европани тарк этишни истаган ҳар бир киши бошқа вариантларни албатта кўриб чиқиши керак.

Шимолий ва Марказий Европа мамлакатларида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари анча яхши ҳимоя қилинади ва ХХI асрда иқтисодий ўсиш Осиё мамлакатларида бўлмоқда.

Америка ҳанузгача арзон бизнес пуллари билан дунёдаги баъзи бир ишбилармон ва ишлаб чиқарувчиларни жалб қилишга қодир, аммо бугунги кунда АҚШга кўчиб ўтиш бу худди активни унинг энг юқори қийматидалигида сотиб олишга ўхшайди, дея Павел Дуров ўзининг фикрларига хулоса қилади.